Xammadan so'radingizmi?
17 Мay 2019   0   8   2   0
Болакай ўзининг учоёқли велосипедида айланиб юрган эди. Ўриндиқлардан бирида ўксиниб йиғлаётган ёш аёлга ҳайрон қараб қолди. Кейин ёнига бориб, секингина сўради:
– Холажон, сизга нима бўлди? Нега йиғлаяпсиз?
Аёлнинг кўзлари қизариб кетган эди. Оғир “уҳ” тортганча:
– Сен ҳали бу нарсаларни тушунишга кичкиналик қиласан, – деди ва аввалгидан ҳам баттар йиғлаб юборди. Боланинг ҳайронлиги ортди, шошилиб савол берди:
– Бирор жойингиз оғрияптими, холажон? Агар сизга велосипедимни берсам, йиғламайсизми?
Жажжи болакайнинг меҳрибонлигидан аёл янаям ўксиниб кетди, алам билан деди:
– Болам-а, мени бу дунёда ҳеч ким яхши кўрмайди. Ҳеч кимга керак эмасман, билдингми, ҳеч кимга!
Бола бирдан жиддий тортди:
– Чиндан ҳам бу ҳақида ҳаммадан сўрадингизми?
Бу сўровга аёл дастлаб эътибор қилмади. Аммо бир неча сониядаёқ ўзига келди. Соддалик билан берган саволида боланинг ўзи ҳам англамаган ҳақиқат бор эди. Ахир, ҳаёт фақатгина бир кишининг севгиси, муносабатидан иборат эмас-ку! Умрига мазмун бағишлаган, фариштадек беғубор фарзандлари уни жону дилдан яхши кўришлари ёлғонми? Жуфт кабутардай бир-бирига суяниб қолган ота-онасининг севгиси яна кимда ва қаерда бор? Атрофидаги шунча неъматни кўрмай, бир орсиз учун қадрини тўкиб, йиғлаб ўтирганидан уялиб кетди. Кўзёшларини артди, майин жилмайиб боланинг бошини силар экан:
– Тўғри айтдинг, ўғлим, – деди. – Ҳаммадан сўрашни унутибман, раҳмат сенга.
Бола “ғалати хола”нинг нима учун раҳмат айтгани, нимага йиғлагани-ю, нима учун кулганининг ҳам маъносини тушунмади. Бир муддат ўйланиб турди, кейин ўйнаётган ўртоқларининг ёнига кетди.
« Oldingi 27 dan 1503 Keyingi »

2 0
Bloger: Lola Asadova
Sharhlar yo`q