...
13 Мay 2019   1   21   5   1
Ҳовлидаги ўриндиқда ота-бола ёнма-ён ўтиришибди. Отанинг ёши улуғ, ўғил эса ўспирин йигит. Ўғилнинг қўлида газета, берилиб ўқияпти. Ота боғни томоша қиларкан, ўйчан эди. Бир пайт дарахт шохига чумчуқ қўнди. Ота ўғлидан:
-“Бу нима?”- деб сўради. Ўғил бошини кўтариб, чумчуқни кўрди, сўнг отасига қараб:
- “Чумчуқ”- деди ва яна газета ўқишда давом этди. Орадан озгина вақт ўтиб, яна бир чумчуқ келиб қўнди. Ота чумчуққа ишора қилиб яна:
-“Бу нима?”- деди. Йигитнинг энсаси қотди:
-“Чумчуқ дедим- ку?!”- деди жеркиганнамо оҳангда ва газетасини ўқийверди. Бир оз ўтмасдан бошқа бир чумчуқ келиб қўнди. Ота:
-“Бу нима?”- деди. Ўғил газетани ғижимлаб, отасига ўқдай қаради:
-“Қанақа одамсиз, дада, гапга тушунасизми ўзи, йўқми?! Чумчуқ дедим-ку, чу-ум- чу-уқ! Энди тушундингизми?”-дея бақирди. Ота ўғлига термулди, хўрлиги келди. Сўнг ўрнидан туриб, кета бошлади. Ўғил асабийлашди:
-“Қаёққа? Ўтиринг жойингизга!”-деб бақириб берди. Ота ўғлига қараб:
-“Сен ўтириб тур, мен ҳозир чиқаман”,-деди-да, уйига кириб кетди. Ҳиёл вақтдан кейин қайтиб чиқди. Қўлида бир дафтар бор эди. У отанинг кундалиги бўлиб, ёшлигидан айрим воқеаларни ёзиб юрарди. Шу ўғли уч яшарлигида, бир воқеани ёзиб қўйган экан. Ўша жойини варақлаб топиб, ўғлига узатди- да:
- “Ўқи”,- деди. Ўғил ўқишни бошлади...
“Уч яшар ўғлим билан бирга боғда ўтирган эдик , дарахтга бир чумчуқ келиб қўнди. Ўғлим мендан: -“Дада, бу нима?” деб сўради.Мен: -“Чумчуқ”, дедим. Яна битта чумчуқ келиб қўнди. -“Дада бу нима?” деб яна сўради. Мен: - “Чумчуқ”, дедим. Учинчи чумчуқ дарахтга қўнганида ўғлим саволини учинчи марта қайтарди. Мен ҳам ўша жавобимни бердим. Шу билан ҳар чумчуқ қўнганида ўғлим мендан сўрайверди, мен хам эринмай жавоб беравердим. Ҳар гал сўраганида ўғлимни эркалаб, бағримга босиб, юз ва пешоналаридан ўпиб қўярдим. Санаб кўрсам, ўғлим мендан йигирма уч марта сўрабди. Мен ҳам эринмасдан йигирма уч марта жавоб берибман”...
Ҳикоя охирлагани сари йигитнинг қўли қалтираб борарди. Нихоят, дафтарни ёпиб, ёнига қўйди. Аста ўрнидан туриб отасини қучоқлаб олди ва:
-“Дадажон, мени кечиринг! Мен ахмоқлик қилдим. Ҳаддимдан ошдим. Кимлигимни унутиб қўйибман. Кўзимни очдингиз. Мени кечиринг, кечиринг” – деди.
Хулоса қилиш эса ҳар биримизни ўзимизга боғлиқ..!
« Oldingi 42 dan 1515 Keyingi »

5 1
Bloger: KUMUSH