☪__SkunaT__☪
26 Аpr 2019   0   9   2   0
ОНАНГНИ ОРОМИ ЙЎҚ
Бурнингни кўкка илиб,
Сен юрибсан айш қилиб.
Йўл кутиб, бағрин тилиб,
Онангни ороми йўқ.
Бир ён ёр, бир ён фарзанд,
Ишинг кўп, қўлларинг банд.
Сен бағритош бериб панд,
Онангни ороми йўқ.
Бординг кимдир қилса ош,
Кимларгадир эгдинг бош.
Соғинчи сен, саксон ёш,
Онангни ороми йўқ.
Сархуш бўлиб май тотиб,
Сўнг ухлайсан тош қотиб.
Кетди талай тонг отиб,
Онангни ороми йўқ.
Бир зум ёд эт тойлигинг,
Бошдан оёқ лойлигинг.
Эр этган дўст, бойлигинг,
Онангни ороми йўқ.
Важ дема рўзғор ками,
Тақдирнинг турфа ғами.
Бемор, бир сен малхами,
Онангни ороми йўқ.
Кетса кейин ғам ютма,
Хар кеча тушда кутма.
Байтимни бекор тутма,
Онангни ороми йўқ.
Ғулом ўзинг эр билиб,
Хуш юрибсан айш қилиб.
Кўз тикиб, кўксин тилиб,
Онангни ороми йўқ.
« Oldingi 86 dan 1540 Keyingi »

2 0
Sharhlar yo`q