☪__SkunaT__☪
9 Mar 2019   0   10   2   0
ОТА-ОНА ҒАНИМАТ...
Онам 20 марталаб ҳаж қилдилар. Шундан 4 тасида мен билан. Санаб юрардилар. Хушхабар берардилар. "Давронбек, бугун жуда яхши туш кўрдим. Ҳажда эканман. Каъбатуллоҳнинг шундоқ ёнида. Ҳаммаси тиниқ, тип-тиниқ. Бу тушимда 20-чи бор ҳаж қилганим..."
Онамнинг бу буюк орзуларини амалга ошириш ҳаётий мақсадларимдан эди. Онам ҳеч қачон "болам, қачон сенам мени (бошқалардек) муқаддас сафарга олиб борасан?" демасдилар. Сабр қилардилар. Ҳарамайннинг сурат ва видеоларини кўрганда эса энтикиб қўярдилар.
15 йиллар аввал ота-онамни Ҳажга навбатга рўйхатга киритдик. Жудаям узоқ йилда навбат етишини айтишди...
2013 йили "Олтин қалам" мукофотини олдим. Пулини нақдлаб, валюта қилгандик.Яна озгина қўшилса, икки кишилик умрага етаркан. Шунга ният қилдим. Маҳалладан, шаҳардан суриштирдим. Навбат катта, (ҳалол) ҳал қилиш иложсиз. Каттароқ ишдаги танишларимдан илтимос қилдим. Ҳал қилиб бўлмади. Онам: "Майли-да, насиб бўлганда борармиз", дедилар. Дадамнинг валютада тўланадиган машинасига қўшиб юбордим.
2016 йили оғир дардга чалиндилар. 2017 йилнинг ёзи қийин кечди. Шифокорлар сўнгги чора сифатида морфин ёзиб беришди. Онам оғриқнинг зўридан хушдан кетар, кўзлари очиқ туш кўрардилар. "Давронбек, Ҳаждаман, ана, Байтуллоҳ. Оҳ-оҳ-оҳ. Ўзингга шукур, Ўзингга шукур", дердилар.
Ўтган йили онам ўзлари суйган диёрларга риҳлат қилдилар...
Онажоним учун ҳажжи бадал, умра бадал қилдиришга имкон ҳам бўлди. Ичимда йиғлаб-йиғлаб, ўзим борганимда ўзим бадал қиламан, дея ўзимни овутдим.
Кечаги ҳафта умрага квота олиб ташлангани ҳақида хушхабарни ўқидим-у, шуларни ўйладим. Бир дўстим хушхабарни хатқутимга ташлабди. "Ўртоқ, орзуинг ушаладиган бўлибди" деб ёзибди. "Раҳмат. Унда онам бор эди, ҳозир эса йўқ" деб армон билан жавоб ёздим.
Бугун қайсидир муштипарларнинг шунақа орзулари бор. Балки сизга айтолмас, ўзининг муаммоси кўп, дея ийманар. Сизда эса имкон бор. Дўстим, ҳозир имкон бор экан, фойдаланиб қолинг. Эртага эса худо билади
« Oldingi 135 dan 1567 Keyingi »

2 0
Sharhlar yo`q